Москва шаҳри суди томонидан Украина президенти Пётр Порошенкога тегишли Roshen компаниясининг Липецкдаги фабрикаси мулкининг ҳибсга олиниши қонуний амалга оширилган, деб топилди.

Фабрика мулки 2014 йилнинг 13 сентябрида 181 млн рубль миқдорида қўшилган нархга солиқнинг Россия бюджетидан ноқонуний йўл билан ўғирланиши бўйича қўзғатилган жиноий иш доирасида ҳибсга олинган.

Фабрика адвокатлари ҳибсга олинган мулк қиймати 1,4 млрд рублдан кўпроқни ташкил қилиб, бу қиймат эса етказилган зиён миқдоридан бир неча маротаба кўпроқни ташкил қилишини рўкач қилишган, бироқ айблов томони етказилган зиён бўйича ҳали якуний баҳолаш йўқлиги ва ҳимоя томонининг даъволари асоссиз эканлигини айтган.

Фабриканинг омборхонаси, тўртта цехи, ёрдамчи корпус биноси ва еттита ер майдони ҳибсга олинган. Бунда фабрика ҳибсга олинган мулкдан фойдаланишда давом этиши мумкин, бироқ у билан битимлар амалга ошира олмайди.