Бирваракайига икки араб давлатида ўхшаш ҳолатлар кузатилди: Кувайтда ва Саудия Арабистонида аёллар либосини кийиб, бош-оёқ паранжига чирмалган эркаклар қўлга олинди.

Gulf Countries нашрининг хабар беришича, Кувайт полицияси қўлга олган эркак асли покистонлик бўлиб, масжид яқинида аёллар либосида телефонда гаплашиб турганда пайқалган. Икки полициячи ундан шубҳаланиб, ID-картасини сўраган. Шахснинг эркаклиги аниқлангач, ҳайратини яшира олмаган полициячилар уни идорага олиб кетишган.

Содир этилган бир қанча қўпорувчилик ҳаракатларидан сўнг Кувайт полициячи масжид атрофида жиддий назорат ўрнатган.

Ўз навбатида, Саудия Арабистони диний полицияси савдо марказидан аёллар кийимида бўлган эркакни судраб олиб кетаётгани видеокамераларда қайд қилинди. YouTube’да жойлаштирилган қисқа видеода Яхшиликни рағбатлантириш ва гуноҳни бартараф қилиш комиссиясининг икки нафар аъзоси эркакни машинага жойлаштираётгани кўринган.

Маҳаллий Ajel газетасининг хабар қилинишича, аёллар либосида савдо марказини айланиб юрган эркак диний полиция ходимларининг диққатини тортиб, идорага олиб кетилган.