2015 йил 19-21 май куни Тошкентда бўлиб ўтган 8-Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида умумий қиймати 25.7 млрд сўмга тенг жами 776 шартнома имзоланди. Бу ҳақда 6 июль куни иқтисодиёт вазирлигида ўтказилган, ярмарка якунларига бағишланган матбуот анжумани чоғида маълум қилинди.

Таъкидланишича, ушбу йилдаги тадбирда 100дан ортиқ илмий муассаса, ОТМ, конструкторлик ташкилотлари, Фанлар Академияси вазирликлар вакиллари иштирок этди. Улар, хусусий корхоналар ва эркин кашфиётчилар билан бирга, 604 хил амалий илмий-техник ишланмаларни намойиш этиб берди.

Бундан ташқари, ярмаркада бир қатор янги йўналишлар очилди. Улар орасида Hi-Tech (Юқори технологиялар) йўналиши диққатга сазовордир. Ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда хусусий бизнес ва кичик тадбиркорлик субъектлари учун эса “Энергия ва ресурс тежаш технологиялари” йўналиши очилди. Унда ёш олимлар ва талабаларнинг 70дан ортиқ ишланмалари тақдим этилди.
Ярмарка доирасида Тошкент халқаро инновацион форум ўтказилгани, унда 39 нафар хорижий иштирокчи бўлгани, шулардан 20 нафари АҚШ, Германия, Италиядан ташриф буюрган олимлар, 19 нафари эса Тошкентда жойлашган халқаро ташкилотлар вакиллари бўлганлиги таъкидлаб ўтилди.