Ҳиндистон ва Покистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиши улар ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига олиб келади. Бу ҳақда ХХР ТИВ ўринбосари Чэн Гопин баёнот берди.
8-10 июль куни Бошқирдистон пойтахти Уфада ШҲТ ва БРИКСнинг навбатдаги саммитлари бўлиб ўтади. 2015 йили Россия ҳар икки ташкилотга ҳам раислик қилмоқда. ШҲТ саммитида ташкилотнинг кенгайиши бошланиши маълум қилиниши кутилмоқда. Бугунги кунда унинг таркибига Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон киради. Шунингдек, Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон, Покистон ва Афғонистон кузатувчи мақомига эга.
2014 йил сентябрида Ҳиндистон ва Покистон ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланиш учун расмий мурожаат билан чиқишди.
“Албатта, икки давлат ўртасида келишмовчиликлар мавжуд. Бунга тарихий сабаблар бор. Лекин бу улар ўртасида дўстона алоқаларни ўрнатишга тўсқинлик қилмайди. Бу икки давлатнинг ШҲТ ишига жалб қилиниши нафақат ташкилотнинг яхшиланишига кўмак беради, балки улар ўртасида дўстона алоқаларнинг ўрнатилишига ёрдам бериши мумкин”, – таъкидлаб ўтди Чэн Гопин ХХР раиси Си Цзиньпиннинг ШҲТ ва БРИКС саммитида иштирок этиши муносабати билан ташкил қилинган маҳсус брифингдаги чиқишида.