"Монако" жамоасининг спорт директори Луиш Кампуш "Атлетико" жамоасидан ёш хавбек Янник Феррейре Карраскога жиддий қизиқиш билдирилаётгани ҳақида маълум қилган. Marca нашрида ёзилишича, бу борада дастлабки музокаралар бошланган.

"Айни вақтда у бизнинг ўйинчимиз. Карраско янги мавсумга тайёргарлик машғулотларида жамоадошлари билан биргаликда қатнашмоқда. Аммо олдинда нима бўлишини билмаймиз", дейди "Монако" спорт директори.

"Матрасчилар" ушбу футболчини "Барселона"га трансфер қилинган Арда Туроннинг муносиб ўринбосари сифатида кўраётгани айтилган.

Бироз олдинроқ, "Атлетико" Туроннинг ўрнига "Бенфика"дан Николас Гайтанни олиб келмоқчи бўлган, аммо 35 млн евролик нарх қиммат дея баҳолангани учун бу уриниш тўхтатилган.

Маълумот учун, Карраско ўтган мавсумда "Монако" сафида Франция Олий дивизионининг 36 учрашувида майдонга тушиб, 6та гол урган ҳамда 10та голли пас амалга оширган.