Мўғулистоннинг шимоли-шарқидаги Бурхан-Халдун тоғ массиви ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилди. Монцамэ ахборот агентлигининг маълум қилишича, Бутунжаҳон мероси қўмитасига аъзо давлатлар вакилларининг кўпчилиги бу ташаббусни ёқлаб чиққан.
Бурхан-Халдун тоғи қадимдан муқаддас жой ҳисобланиб, мўғулларнинг мифологик қарашларида марказий ўрин тутади. Афсонавий саркарда ва давлат арбоби Чингизхон (1155-1227) шу тоғ этагида туғилган ҳамда вафот этган, деб ҳисобланади. Тақводор мўғуллар ушбу тоғ этакларига зиёратга борадилар. Унинг атрофида “обо” деб аталувчи тошли пирамидалар ясаш одати бугунги кунга қадар тирик. Бурхан-Халдун медитация учун ҳам энг самарали жой ҳисобланади.
Аммо, айтилишича, Бутунжаҳон мероси қўмитасининг қарорига жойнинг бундай хусусиятлари эмас, балки Чингизхон номи билан боғлиқлиги сабаб бўлган.
XIII асрга оид “Монголун ниуча тобчан” (Мўғулларнинг махфий тарихи) тарихий китобида ёзилишича, тоғ массиви Мўғул империяси асосчиси ҳамда унинг оиласи билан боғлиқдир. Буюк хоннинг аждодлари айнан шу тоғ ёнбағрида кўчманчи турмуш кечиришган, унинг киндик қони ҳам шу ҳудудларда тўкилган. Чингизхон ҳамда унинг меросхўри, кичик ўғли Тулунинг қароргоҳи Бурхан-Халдунда жойлашган. Ўнлаб йиллар мобайнида Чингизхоннинг қабри махсус минглик қўшин томонидан қўриқлаб келинга. Секин-аста унинг қабри қаерда жойлашгани ҳақидаги хотира унутилган ва бугунги кунга қадар номаълум бўлиб қолмоқда.
Бир неча йил муқаддам Чингизхон ЮНЕСКО томонидан 2-мингйилликнинг энг буюк саркардаси деб тан олинган эди.