Ирландиялик депутат Мик Уоллас McDonald's ресторанлар тармоғида болалар учун тушликларга бепул ўйинчоқлар киритилишини ман қилиш таклифини билдирди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

Уолласнинг фикрича, бундай “қўшимчалар” болаларнинг таомлар танлаш борасидаги фикрларига ёмон таъсир қилиши мумкин. Мустақил депутат мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Лео Варадкарга мурожаат қилиб, “бундай промо-акциялар ўз фарзандларига фастфудларни истеъмол қилишни чеклайдиган ота-оналарни ноқулай ҳолатга қўйиши мумкинлигини” айтди. Вазир бу таклиф ҳақида ўйлаб кўришини ҳамда “айни пайтда семириш аҳоли учун хавф солаётган асосий муаммо эканлигини” қўшимча қилди.

Қайд этилишича, тамаддихоналарнинг тажоввузкор руҳдаги реклама ва маркетинги Ирландияда ота-оналар ва тиббий ходимларни ҳукуматдан тез овқатланиш соҳасидаги рекламаларни тартибга солиш бўйича қатъий қарорлар қабул қилишни талаб қилишларига мажбур қилмоқда. McDonald's да бу айбловлар рад этилган ҳолда, ҳеч қандай ножўя иш қилмаганликлари айтилмоқда.