Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 6 июль куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ислом Каримов ва Нарендра Моди тор доирада музокара ўтказди.
“Сизнинг Ўзбекистонга ушбу дастлабки расмий ташрифингизни мамлакатларимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа, Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида азалдан қарор топган дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда янги босқич, деб биламиз”, – деди Ислом Каримов.
Нарендра Моди Ўзбекистон Ҳиндистоннинг Марказий Осиёдаги энг ишончли ва муҳим шерикларидан бири ва мазкур ташриф ўзаро муносабатларни янада фаоллаштириш ва янги босқичга кўтариш учун яхши имконият эканини таъкидлади.

Томонлар дунёда вазият шиддат билан ўзгариб бораётгани, қарама-қаршиликлар, кескинлик, глобал ва минтақавий геосиёсий рақобат авж олаётгани, терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора кенг тарқалаётганини ва ушбу таҳдидлар Марказий Осиё минтақасига бевосита ёки билвосита таъсир ўтказаётгани инобатга олинадиган бўлса, бугунги музокараларнинг долзарблиги янада муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.

Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини атрофлича таҳлил қилиш энг долзарб масалалардан бири бўлиб, Ислом Каримов ва Нарендра Моди музокараларни айнан шу масалаларни муҳокама этишдан бошлади. Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларини фойдаланилмаган имкониятларни амалга ошириш, сиёсий, иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш орқали янги босқичга кўтаришга доир фикр алмашилди.
Икки мамлакатни бирдай ташвишга солаётган минтақавий ва халқаро долзарб муаммолар ҳам батафсил муҳокама этилди. Хусусан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашиниб, бу муаммони ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслиги ҳақида якдил фикр билдирилди. Бу борада Афғонистонга иқтисодий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий, инфратузилмавий ва гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш, аҳоли бандлиги муаммоси, қашшоқлик ва ҳуқуқсизликка қарши курашиш бўйича долзарб вазифаларни ҳал этишга катта эътибор қаратиш, Афғонистон халқининг кўп асрлик анъана, урф-одат ва қадриятларини ҳурмат қилиш зарурлиги қайд этилди.

“Ўзбекистон” ахборот агентлигининг ёзишича, икки давлат раҳбари музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Савдо-иқтисодий, молиявий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари музокараларнинг асосий мавзуси бўлди.
Савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро ҳамкорлик масалалари Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисларида мунтазам муҳокама қилинмоқда. Ислом Каримов ва Нарендра Моди мазкур комиссия ўзаро манфаатли барча йўналишларда олий даражадаги келишувларни амалга оширишнинг самарали механизмига айланиши лозимлигини таъкидладилар.

Томонлар ҳар икки мамлакатнинг давлат тузилмалари ва хусусий бизнес вакиллари товар ҳамда хизматлар етказиб беришни янада кўпайтириш ва диверсификация қилиш, иқтисодиётнинг ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, фармацевтика, биотехнология, енгил ва кимё саноати каби юқори технологияли тармоқларида ўзаро манфаатли қўшма корхоналар ташкил этиш, шунингдек, углеводород конларини қидириш ва қазиб олишдан манфаатдор эканини қайд этдилар.
Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг қўшма баёноти қабул қилинди. Туризм, ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар, маданият соҳасида 2015-2017 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Ислом Каримов ва Нарендра Моди оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳар томонлама муҳокама қилинганини, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилганини таъкидладилар. Кўрилган барча масалалар бўйича позиция, қараш ва ёндашувлар яқин ёки ўхшаш экани қайд этилди.