Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида истиқомат қилувчи Султонмурод исмли шахс ўз қариндошини алдаб, ундан 5 млн сўм олгани боис фирибгарликда айбланиб, қамалди. Бу ҳақда “Постда” газетаси ёзмоқда.
Айтилишича, Султонмуроднинг яқин қариндоши – Тўрамуроднинг қизи вилоят кўрик-танловида ғолиб бўлиб, республика босқичига йўл олди. Бундан фойдаланиб, Султонмурод қариндошиникига йўл олиб, Тошкентда таниши борлигини, у танловнинг республика босқичига алоқадорлигини ва маълум пул эвазига совринли ўрин олиб бера олишини маълум қилди. Бунга ишонган Тўрамурод қариндошига 5 млн сўм бериб юборди.
Аммо танловнинг республика босқичида Тўрамуроднинг қизи совринли ўринни қўлга кирита олмади. Бунинг натижасида қариндошлар ўртасида келишмовчилик юзага келди, Султонмурод пул олганини инкор қилди. Тўрамурод ака ИИБга мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Ўтказилган суриштирув ишлари давомида воқеа тафсилотлари ойдинлашиб, Султонмурод ўз айбини тан олди.