Ўзбекистон Миллий университетига янги ректор тайинланди

Ўзбекистон 07 Июль 2015 16164

Ўзбекистон Миллий Университетига янги ректор тайинланди.

Кун.уз сайти махсус мухбирининг ўз твиттерида маълум қилишича, Сирожиддинов Шуҳрат Самариддинович жамоага янги ректор сифатида таништирилган.

Ш.Сирожиддинов бундан аввал ЎзМУнинг ўқув ишлари бўйича проректори лавозимида ишлаб келаётган эди.

ЎзМУнинг аввалги ректори Муҳамедов Ғофуржон Исроилович ҳозирда қайси лавозимга ўтганлиги ҳақида ҳозирча маълум қилинмаган.

Маълумот учун, Филология фанлари доктори, профессор Сирожиддинов Шуҳрат Самариддинович 1961 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1984 йилда Тошкент давлат университетининг Шарқ факултетини тамомлаган(ТошДУ).

У 2003–2005 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фалсафа ва жаҳон маданияти кафедраси профессори, кафедра мудири, 2005–2012 йилларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг биринчи проректори, 2012–2014 йилларда Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори, 2014 йил апрелдан эса ЎзМУ ўқув ишлари бўйича проректори лавозимларида ишлаган.

Шуҳрат Самариддинович – матншунос олим, ўзбек мумтоз адабиёти, диний-фалсафий таълимотлар ва бадиий таржима соҳаларида тадқиқот олиб боради. 16та монография, рисолалар ва ўқув услубий қўлланмалар ҳамда 140 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи ҳисобланади.

Кўпроқ янгиликлар