Россия президенти Владимир Путин Уфадаги ШҲТ ва БРИКС саммитлари доирасида 11 давлат раҳбари, шу жумладан, Эрон ва Хитой етакчилари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади. Бу ҳақда журналистлар билан мулоқот чоғида Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
“Саммитлар доирасида ҳар доим бўлганидай, икки томонлама учрашувлар ўтказилади. Президентимиз 11та шундай учрашув ўтказади”, – унинг сўзларини келтиради ТАСС агентлиги.

8 июль куни Путин БРИКС саммити бошланишидан олдин Хитой, Тожикстон, Ҳиндистон, ЖАР ва Беларусь раҳбарлари билан учрашади. 9 июлнинг иккинчи ярмида эса у Эрон президенти Ҳасан Руҳоний, сўнг Қозоғистон етакчиси Нурсултон Назарбоев ҳамда Бразилия раҳбари Дилма Русефф билан учрашади.
10 июль кунига Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон раҳбарлари билан учрашувлар режалаштирилган.

Илгари хабар қилинганидек, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Россия президенти Владимир Путиннинг учрашуви Шанхай ҳамкорлиги ташкилотининг Уфа саммити доирасида бўлиб ўтади. Учрашув 10 июль кунига белгиланган.
Учрашувдан кўзланган мақсад Россия ва Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтиришдир. Шунингдек, президентлар таълим соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда икки томонлама стратегик ҳамкорликнинг турли жиҳатларини муҳокама қилади.