Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида яшовчи Жанабой қўшниси Нийётбойга тегишли 40 қўйдан иборат сурувга кўп муддат бошқача кўз билан қараб келди. Бир куни у таниши Маҳаддиёр билан бирга унинг уйига ўғриликка тушишга қарор қилишди.

Шериклар Нийётбойнинг уйига тунда кириб, энг семиз қўйни олиб кетишди, бир чеккада уни сўйиб, гўштини Азиз исмли дўкондорга сотиб юборишди. Ортиқча саволлар берилмаслиги учун қўйнинг Жанабойнинг тоғасига тегишлилигини, уни шоқол тишлаб олгани боис сўйишга мажбур бўлишгани айтилди. Гўштнинг килосини 16 минг сўмдан сотиб олган Азиз бироз шубҳага тушиб, йигитлардан қўйнинг бошини олиб келишни талаб қилди.

Аммо йигитлар қайтиб келмади. Шунда Азиз милицияга мурожаат қилди. “На посту” нашрида ёзилишича, шу пайтнинг ўзида Нийётбой ҳам қўйларнинг камайиб қолганини пайқаб, тегишли жойга арз қилганди. Икки ишнинг ўзаро боғлиқлигини тез орада аниқлаган милициячилар жиноятчиларни қўлга олдилар.