6 июль куни Қатарнинг "Ал-Жайиш" жамоаси билан 3 йиллик шартнома имзолаган "Бунёдкор"нинг собиқ футболчиси Сардор Рашидовнинг трансфер суммаси миқдори ошкор қилинди.

"Бунёдкор" жамоаси вице-президенти Бахтиёр Бобоевнинг "ИнтерФУТБОЛ" газетасига билдиришича, трансфер қиймати 2 млн долларни ташкил этган, футболчини болалигида тарбиялаган жамоа учун тўланадиган асосий сумманинг 5 фоизлик қисми баробаридаги маблағ ҳам "Бунёдкор" ҳисобига ўтказилгани эвазига, бу трансфер қиймати 2,1 млн долларга айланган.

Асли жиззахлик бўлган Сардор Рашидовга бошқа бир қатор араб жамоалари қаторида Франциянинг "Нант" жамоасидан ҳам жиддий таклиф бўлган, аммо бу таклифнинг молиявий жиҳатлари иккинчи томонни қониқтирмагани туфайли у рад этилгани айтилган.

"Ал-Жайиш" август ойидан бошлаб Қатар юлдузлар лигасининг янги мавсумида иштирок этади. Февраль ойида эса Осиё чемпионлар лигасининг саралаш босқичидан иштирокини бошлайди.