Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан Ўзбекистон ҳудудига косметик воситалар ва парфюмерия маҳсулотларини ноқонуний тарзда олиб кириш билан боғлиқ бир нечта ҳолатларнинг олди олинди.

“Келес” божхона пости ходимлари А.Йўлчиев исмли фуқаро (исми-фамилияси ўзгартирилган) “Москва-Тошкент” юк поезди орқали Ўзбекистон ҳудудига 41,5 млн сўмлик товар-моддий бойликлар олиб киришга ҳаракат қилган пайтда тўхтатиб қолинди.

Яна бир ҳолатда Тошкент божхона бошқармаси ходимлари тезкор маълумотлар асосида бошқа ҳуқуқ-тартибот муассасалари вакиллари билан биргаликда фуқаролар А.Асадов ва А.Турдиев томонидан бошқарилаётган “Дамас” ва “Кобальт” автомобилларини тўхтатишганда машиналар ичидан умумий қиймати 35 млн сўмни ташкил қилувчи чет элда ишлаб чиқарилган 8 турдаги 2,5 минг дона косметик ва парфюмерия маҳсулотлари аниқланди. Юк эгаларида ушбу маҳсулотларга божхона декларацияси ва уларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқлиги аниқланди.

“Тошкент-Аэро” махсуслаштирилган божхона мажмуаси ходимлари томонидан “Сеул-Тошкент” рейси билан учиб келган Ш.Самандаров ноқонуний тарзда 159 дона косметик восита олиб ўтмоқчи бўлган пайтда қўлга олинди. Ушбу ҳолат юзасидан тергов иши олиб борилмоқда.

Тошкент божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқ-тартибот муассасалари вакиллари билан биргаликда парфюмерия маҳсулотлари сақланувчи ноқонуний “омборхонани” фош қилишга муваффақ бўлишди. Тошкентнинг Учтепа туманида яшовчи У.Раззоқованинг уйидан умумий қиймати 27 млн сўмни ташкил қилувчи чет элда ишлаб чиқарилган 17 турдаги 961 дона парфюмерия воситалари аниқланди.
Суд қарори билан ҳуқуқбузарларга тегишлича жазо чиқарилди, қўлга олинган маҳсулотлар ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.