Россия пойтахти Москва шаҳридаги Внуково аэропортида бир гуруҳ асаларилар «Аэробус-319» русумидаги самолётга ҳужум уюштиришди.

Аэропорт хизматчилари берган маълумотларда айтилишича, мазкур самолёт Санкт-Петербургга парвоз қилиши керак бўлган. Самолёт парвоз учун шай қилиб қўйилган пайтда кутилмаганда минглаб ҳашоротлар унинг иллюминаторларига ёпишиб, уни бутунлай беркитиб олишган.

Асаларилар салон ичига кириб кетмаслигини олдини олиш мақсадида иккита тез ёрдам гуруҳи жалб қилинган. Тез орада улар асаларилар ҳужумини бартараф этишга муваффақ бўлишган ва самолёт оз муддатлик кечикишдан кейин яна манзили томон йўл олган.

Аэропорт хизматчиларининг берган маълумотларига кўра, бу ҳолат баъзида учраб туради. Ҳаттоки, аэропортда узоқроқ муддат ушланиб қолган самолётлар ичига улар ўзлари учун ин қуриб олиш ҳолатлари ҳам кузатилган.

Ушбу рейсда асаларичилар ҳам йўловчилар билан биргаликда парвоз қилишган ҳамда бортда асалариларни қидириш ишларини олиб боришган. Самолёт ерга қўнганида, бортда асаларилар ини йўқлиги тасдиқланган.