Афғонистонда чоп этилган ўзбек тили ҳақидаги китоб бир кунда қарийб 1300 нусхада сотилди

Ўзбекистон 08 Июль 2015 12351

Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида чиққан “Афғонистонда ўзбек миллий ғояси ва тил таълими” китобидан бир кунда 1 270 нусха сотилди.

Kun.uz таҳририятининг ўз манбаларидан маълум бўлишича, китоб дастлаб 2 000 нусхада чоп этилган.

Маҳаллий тадбиркор Хайрмуҳаммад Салжуқий ҳомийлигида нашр этилган китоб муаллифи ўзбекистонлик тадқиқотчи Шуҳрат Барлос ҳисобланади.

Айни кунларда Афғонистондаги ўзбек жамоаси тил ва маданият соҳасига жиддий урғу бермоқда. Мамлакатда ўзбек тилига расмий мақом берилиши билан ўзбек тилида китоблар нашр қилиниши, умумтаълим мактабларининг очилиши жараёнлари тез суръатлар билан бормоқда. Афғонистондаги ўзбек тили таълими муаммоларига бағишланган ушбу китоб маҳаллий интеллигенцияда ва ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

“Шуҳрат Барлос томонидан битилган бу китоб Афғонистон ўзбеклари учун махсус маънавий ва маърифий мавзуда ёзилган ва Афғонистон тарихида шу йўналишда босиб чиқарилган биринчи китоб ҳисобланади. Афғонистон ўзбеклари учун зарур мавзуларни ичига олган энг керакли илмий манбага айланади”, – деди, янгиликни шарҳлар экан, Швециядаги Халқаро Бобур жамғармаси намояндаси, фан доктори Саид Абдулҳаким Шаръий Жузжоний.

Кўпроқ янгиликлар