Филиппин пойтахти жойлашган вилоятда кучли ёғингарчилик бўлиб ўтди. Маҳаллий ОАВларнинг хабар беришича, бу ёғингарчиликни 7 июль куни Лузон оролига яқинлашган “Фалкон” тайфуни олиб келган.

Ҳукумат топшириғига кўра мактабларда ўқиш тўхтатилган, шаҳарларнинг, жумладан Маниланинг кўплаб кўчалари сув остида қолган. Об-ҳаво мутахассислари ёғингарчилик кучайиб, тошқинлар ва ер кўчишларга олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

Шамол кучи соатига 160 км тезликка етган тайфун шимоли-ғарбий йўналишда ҳаракатланмоқда, яқин икки кунда у Хитой соҳилларига етиб бориши айтилмоқда.

7 июль куни Филиппиннинг марказий қисмига “Игей” штормининг ўпирилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Бундан ташқари, 2,3 мингдан ортиқроқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Таркибига 7 мингга яқинроқ орол кирувчи Филиппинга ҳар йили 27тагача тайфун ва штормлар дахл қилади. Филиппинга 2013 йилнинг ноябрида об-ҳаво кузатишлари тарихидаги энг вайронакор “Хайян” тайфуни ўпирилиши оқибатида 6 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлган, табиий офат 10 мингга яқин аҳоли пунктларида яшовчи 12 млн.га яқин одамга у ёки бу даражада ўз салбий таъсирини кўрсатган.