2015 йилнинг 1-ярим йиллигида “Тошкент” Республика фонд биржасидаги тузилган битимлар сони охирги 5 йил ичида рекорд натижани, яъни 1258 тани ташкил қилди. Бу ўтган йилдаги шу даврдаги кўрсаткичдан (437 та битим) 3 марта ва 2014 йил якунларига кўра (893 та битим) 1,3 марта кўпроқни ташкил этди.

Қимматбаҳо қоғозлар биржа айланмасида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилиб, 80 млрд сўмни ташкил қилди, бу кўрсаткич аввалги йилдаги шу даврдаги кўрсаткичдан (37 млрд сўм) 2,2 марта кўпроқни ташкил қилди.

Савдоларда 50 та эмитентнинг 138,6 млн та қимматбаҳо қоғози иштирок этди.

Соҳавий кесимда банк сектори етакчилик қилмоқда, бу соҳага бутун биржа айланмасининг 94,8 фоизи, яъни 75,8 млрд сўм тўғри келмоқда. Бунда энг кўп битим “Ипотека банк” акциялари билан тузилган, яъни 43,1 млрд сўмни ёки тижорат банкларининг умумий айланмасидан 57 фоизни ҳамда бутун биржа айланмасидан 54 фоизни ташкил қилди.

Юридик шахслар ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ва суғурта компанияларининг инвестицион фаоллиги ўсиши кузатилмоқда, уларнинг улуши мос равишда биржа айланмасида 14 фоизни ёки 11 млрд сўмни ҳамда 12 фоизни ёки 10 млрд сўмни ташкил қилмоқда.