Эндиликда Ўзбекистон банклари Ўзбекистон Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси ва инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда омонатларни жалб қилиш бўйича фоиз ставкалари миқдорини ўзлари белгилашлари мумкин.

Марказий банк қарори билан “Тижорат банклари томонидан жалб қилинадиган омонатлар учун фоиз ставкаларини шакллантириш механизми ҳақидаги қоидалар” тасдиқланди. Ундаги шартлар миллий валютадаги жисмоний ва юридик шахсларнинг омонатларига нисбатан амал қилади.

Миллий валютада омонатлар бўйича ўртамиёна фоиз ставкаси банклар томонидан янги методика бўйича мустақил равишда ҳисоблаб чиқилади. Банклар ҳар чоракда банкка жалб қилинган омонатлар ва улар бўйича фоиз ставкалари бўйича ҳисоботлар юритадилар ва Марказий банкка топширадилар.
Банкларнинг омонатларни жалб қилиш, жумладан фоиз ставкаларини ўрнатиш, уларни ва уларга ҳисобланган фоиз ставкаларини вақтида қайтариш банкларнинг омонат ва фоиз сиёсатига мувофиқ ҳолда амалга оширилади.
Шу билан бирга Қоидалардаги шартлар аввал жалб қилинган омонатлар бўйича фоиз ставкаларини ўзгартириш учун асос бўла олмайди.
Омонатчилар, кредиторлар ва кредит олувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, фоиз ставкаларини асосланганмаган ҳолда оширилиб юборилишининг олдини олиш ва бу билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган хатарларга йўл қўймаслик, банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида марказий банк фоиз ставкалари даражасини мониторинг қилиб боради. Бунда МБ омонатлар бўйича ўртамиёна фоиз ставкаси қайта молиялаштириш ставкасидан баланд бўлган банклар фоиз сиёсатининг асосланганини аниқлаш мақсадида фоиз сиёсати ва молиявий аҳволини ўрганади.
МБ ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10 санасигача ўртамиёна фоиз ставкалари ҳисобини амалга оширади. Банкларда фоиз ставкаларининг асосланмаган ҳолда меъёридан ошириб юборилгани ҳолати аниқланса, МБ бу ставкаларни камайтириш вазифасини топширади.