Тадқиқотлар, аудит ва обрўни бошқаришни ўтказишга ихтисослашган Reputation Institute халқаро консалтинг фирмаси АҚШдаги энг бообрў технологик компаниялар рейтингини тузди. Бу рўйхатда 1-ўринни Samsung Electronics компанияси эгаллади.

Ўзининг оммавий маҳсулотлари ва хизматлари эвазига Жанубий Корея корпорацияси АҚШнинг Microsoft, Google ва Intel каби гигантларини ортда қолдирди, ваҳоланки бу компания ўтган йил якунларига кўра 8-ўринни эгаллаган эди.

Ушбу рейтингда 2-ўринни Hewlett-Packard компанияси эгаллади. Ундан кейинги ўринлардан Microsoft, Google ва SAP компаниялари жой олди. Энг обрўли ўнта компания орасидан Intel, NCR, Adobe Systems, Texas Instruments, Toshiba ва Salesforce.com ҳам бор.

Бозордаги энг катта капиталлашувга эга бўлган ва мобиль қурилмалар бозорида Samsung`нинг асосий рақобатчиси ҳисобланадиган Apple корпорацияси бор-йўғи 21-ўринни эгаллади ва ўтган йилдаги натижага кўра икки ўринга пастлади.

Reputation Institute бу тадқиқоти давомида АҚШнинг 27 мингга яқин аҳолиси орасида сўров ўтказди. Ҳар бир компания экспертлар томонидан етти тоифа: маҳсулот ва хизматлар, инновация, ишчи муҳит, бошқарувни ташкил этиш, раҳбариятнинг тутган ўрни ва ижтимоий жавобгарлик бўйича ўрганилди.

Apple корпорация инновациялар бўйича Samsung`дан ўзиб кетди, бироқ маҳсулот, ишчи муҳит ва бошқарувни ташкил этиш тоифалари бўйича ортда қолди.