Бошқирдистон пойтахти Уфада ШҲТ ва БРИКС ташкилотларининг саммити бошланди. Тадбир 10 июлга қадар давом этади.

Жорий йилда ҳар икки ташкилотда ҳам Россия раислик қилмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилотида бу йили кўзланган асосий мақсад ташкилот доирасини кенгайтириб, унинг аъзоларини кўпайтиришдир. Айни пайтда ташкилотга Россия, Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон киради, Мўғулистон, Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Афғонистон кузатувчи мақомига эга. БРИКС таркибига Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАР киради.

Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистлар билан мулоқот чоғида БРИКС саммити кун тартибида асосий ўрин жаҳондаги иқтисодий вазиятни соғломлаштириши муаммолари бўлишини маълум қилди. Жумладан, “Йигирмалик гуруҳи” доирасида инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш, Халқаро валюта жамғармаси ишида ривожланаётган давлатлар улушини ошириш сингари масалалар кўриб чиқилади.
Шунингдек, янги БРИКС банки ва валюта захиралари пулини ривожлантиришга тўхталиб ўтилади.

Сиёсий соҳада эса саммит иштирокчилари Сурия ва умуман яқин Шарқдаги вазиятни, Эрон ядровий дастурини ва бошқа қатор долзарб халқаро сиёсий масалаларни муҳокама қилади. Учрашув якунларига кўра БРИКСнинг Уфа декларацияси қабул қилинади.
ШҲТ саммитида эса 14та қўшма қарор қабул қилинади. Улар орасида Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга қўшилиши жараёнини бошлаш тўғрисидаги қарор ҳам бўлади.