Чехиянинг Пльзень шаҳри полицияси қўлга туширган велосипедчининг қонида 5.42 промилле алкоголь бўлгани аниқланди. Воқеадан дарак берган Latest News Resourse нашрининг эслатиб ўтишича, 5 промилле алкоголь ўлимга олиб келади, деб ҳисобланади.
Қоидабузар шаҳар четидаги далада қўлга олинди. Полициячилар велосипеднинг эгри-бугри ҳаракатидан шубҳага тушганларида, ҳайдовчи тўсатдан йўл четидаги ариққа йиқилиб тушиб, дарҳол ухлаб қолди.

Ҳуқуқ-тартиботчилар уни уйғотиб, текширув ўтказдилар ва юқорида айтилган рекорд натижани қайд қилдилар. Улар велосипедчининг ёнидаги бўшаб улгурмаган “Бехеровка” ликёри идишини тортиб олиб, уни идорага етказдилар. Аммо велосипедчи воқеа юзасидан тузилган баённомани на ўқийдиган, на имзолайдиган аҳволда эмас эди.
Эндиликда у маст ҳолда велосипед ҳайдагани учун 50 минг крона (2 минг доллар) жаримага тортилиши мумкин.

Орадан анча вақт ўтиб, кайфи тарқаган қоидабузар мастлигининг сабабини тушунтириб берди: бир неча кун олдин севган қизи уни ташлаб кетган экан.
Пиёдалар ўртасидаги алкоголь рекорди 2013 йили Польшада ўрнатилган эди. Альфредувка қишлоғида яшовчи 40 ёшли эркакнинг қонида 13.74 промилле алкоголь борлиги аниқланди. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлган эди.