Жиззахнинг Арнасой туманида ишловчи “Мироқил Раҳмонқулов” номли хусусий корхона раҳбари Абилқосим тўрт нафар аёлни алдаб, ўз корхонасига ишга олиш баҳонасида улардан пул ундириб юргани аниқланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
Айтилишича, у гўзаллик салони очишни ният қилиб юрган Озода Мамараимовани ўз корхонасига “ишга олиб”, унинг барча солиқлардан озод этилганлигини ва корхонага ойига 65 минг сўм тўлаб туриши кераклигини айтган. Тўрт йил мобайнида аёл Абилқосимга жами 1.415 млн сўм тўлаган.

Фотосалончи Гулмира ҳам уч ой мобайнида мана шундай тартибда Абилқосимнинг корхонасига ишга кириб, уч ой мобайнида унга 300 минг сўм берган.
Бундан ташқари, Г. Ширинова 888 минг сўм, Ф. Искандарова эса 340 минг сўм корхонага тўлаган. Бу тўловлар юзасидан Абилқосим ўз “ишчи”ларига сохта квитанциялар бериб борган.

ДСИнинг навбатдаги текширувларидан бирида бу ҳолат фош этилиб, Абилқосим судга тортилди. Дастлабки тергов жараёнида жабрланувчиларга етказилган зарар ундириб берилди.