Малайзия пойтахтида теракт амалга оширмоқчи бўлган икки террорчи қўлга олинди

Жаҳон 09 Июль 2015 2720

Малайзия ҳуқуқ-тартибот муассасалари ИШИД террорчилик ташкилоти билан алоқадор бўлган икки нафар фуқарони қўлга олди. Полиция бошлиғи Холид Абу Бакрнинг айтишича, қўлга олинганлар Куала-Лумпурда теракт амалга оширишга тайёргарлик кўришда гумон қилинмоқда.

Тезкор маълумотларга кўра, қўлга олинганлардан бири – 28 ёшли эркак Европадаги ИШИД раҳбарларидан топшириқлар олиб турган. Бундан ташқари, у ўтган йили Сурияда йўқ қилинган малайзиялик террорчи-худкуш Ахмадорм Аффанди Манаф билан ҳамкорлик қилган. Иккинчи қўлга олинган 31 ёшли террорчи ўтган йили Сурияда ИШИД сафида жангларда қатнашиб, яралангандан кейин Малайзияга қайтиб келган. Уларни яшайдиган жойлари тинтув қилинганда экстремистик адабиётлар ва ҳарбий анжомлар сотиб олинганидан гувоҳлик берувчи чеклар топилган.

Полиция икки гумон қилинувчи 2014 йилнинг охирида ўзаро тил бириктиргани ҳақидаги маълумотларга эга. “ИШИД жангарилари ўз раҳбарларидан мамлакатларида терактлар амалга оширишга буйруқ олаётганлари қаттиқ хавотир уйғотади”, деб айтмоқда полиция бошлиғи.

Аввалроқ Малайзия Ички ишлар вазири Аҳмад Зоҳид Ҳомидий “154 нафар мамлакат фуқаросининг ИШИД фаолиятига алоқадорлиги тасдиқланганини” маълум қилганди. Ҳомидийнинг айтишича, айни пайтгача 91 киши қўлга олинган. Вазирнинг таъкидлашича, “бошқа давлатлар ҳудудларидаги жанговар ҳаракатларда камида 45 нафар малайзиялик иштирок этиб, улардан 11 нафари йўқ қилинган”.

Кўпроқ янгиликлар