Ўзбекистонда 184 минг км узунликдаги автомобиль йўллари тармоғи бўлиб, унинг 42 654 км си умумий фойдаланиш йўллари ҳисобланади. Бу ҳақда “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси томонидан Миллий матбуот марказида ташкил этилган анжуманда айтиб ўтилди.
“Жамият” нашрининг ёзишича, тадбирда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида умумий фойдаланишдаги йўлларини ривожлантириш, такомиллаштириш истиқболларини белгилаш ҳамда автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини юритиш борасида ишлар хусусида маълумот берилди. Жумладан, охирги пайтларда 116.7 км йўл янгидан қурилгани ва 34.9 км автомобиль йўллари таъмирлангани айтилди.
Қайд қилинишича, 2015-2019 йилларда инвестиция дастурлари доирасида 2.67 минг км автомобиль йўлларида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилади. Шулардан 376.3 км умумий фойдаланиш йўллари 2015 йилда қайта тикланади.