Буюк Британия пойтахти Уимблдон шаҳрида 29 июнь куни бошланган Уимблдон турнирининг чорак финал босқичи якунланди. Эндиликда яккалик баҳсларида 8 нафар теннисчи қолган.

10 июль куни ўтказиладиган аёллар ўртасидаги ярим финал жуфтликларида Серена Уильямс (АҚШ) ва Мария Шарапова (Россия) учрашади. Иккинчи жуфтликда эса польшалик Агнешка Радваньска испаниялик Гарбинье Мугурусага қарши кортга чиқади.

Уимблдон турнирларида 5 марта ғалаба қозонган Серена Уильямсга қарши шу турнир тарихида учинчи марта ўйнайдиган Мария Шарапова бу турнирда фақат бир марта, 2004 йилда айнан Серенани мағлуб этиш орқали ғолиб бўлган. Ўшанда дунёнинг биринчи рақамли ракеткасига қарши ўйнаган Шарапова турнирнинг 13-рақамли теннисчиси эди.

Жорий мавсумда 33 ёшли Серена "Катта Дубулға"нинг дастлабки икки турнирида ғалаба қозониб улгурган. У январь ойида Австралия Очиқ чемпионати финалида айнан Мария Шараповани мағлуб этганди. Май-июнь ойларида ўтказилган "Ролан Гаррос" турнирида ҳам америкалик теннисчи тенгсиз деб топилди.

Лекин, қайд этиш жоизки, охирги мавсумларда Серена Уильямс Уимблдон турнирларида омадсиз иштирок этмоқда. У 2012 ва 2013 йилларда финалга чиқиб, франциялик Марион Бартолига, 2014 йилда эса чехиялик Петра Квитовага имкониятни бой берганди.

Мария Шарапова эса, юқорида таъкидланганидек, 2004 йилда, 17 ёшида Уимблдон турнирида ғалаба қозониш эвазига ўз титуллари ҳисобини очганди. У 2011 йилда ҳам шу турнир финалига чиққан, лекин Петра Квитовага мағлуб бўлган.

Ушбу икки теннисчи 2007 ва 2015 йилларда Австралия Очиқ чемпионати финалларида тўқнашган ва россиялик теннисчи икки сафар ҳам баҳсларни бой берган. 2013 йилда эса шундай ҳолат "Ролан Гаррос" финалида рўй берган.

Ушбу икки теннисчининг Уимблдондаги иккинчи тўқнашуви 2010 йилда, чорак финал босқичида рўй берган, бу баҳсда Шарапова жароҳатлари туфайли мағлуб бўлган. Ўша йили у турнирнинг 16 рақамли ракеткаси сифатида таснифланганди.

Жорий йилги турнирга Мария Шарапова 4 рақамли теннисчи сифатида ташриф буюрган. У аввалги босқичларда Жоанна Конту (Буюк Британия), Рихел Хогенкамп (Нидерландия), Ирина Бегу (Руминия), Зарина Дияс (Қозоғистон) ва Коко Вандевеге (АҚШ) каби теннисчиларни турнирдан чиқариб юборди.

Уильямс эса ярим финал йўлида Маргарита Гаспарян (Россия), Тимеа Бабош (Венгрия), Хитер Уотсон (Буюк Британия), ўз опаси Винус Уильямс ҳамда беларуслик Виктория Азаренкони мағлуб этди.

9 июль куни ўтказиладиган ярим финал ўйинларининг дастлабкиси Агнешка Радваньска ва Гарбинье Мугуруса ўртасида Тошкент вақти билан соат 17:00да бошланади. Улардан кейин эса кортга Серена Уильямс ҳамда Мария Шарапова чиқишади.