Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг ёшлар етакчилари Бошқирдистонда ўтадиган йиғилишда ёшларнинг ҳамкорлиги масаласида тавсиялар ишлаб чиқиб, ўз давлатлари раҳбариятига тақдим этади. Бу ҳақда РИА Новости агентлигига ШҲТ Ёшлар кенгаши матбуот хизмати вакили маълумот берди.

8-10 июль кунлари Уфада БРИКС ва ШҲТ саммитлари бўлиб ўтмоқда. Саммитлар доирасида ШҲТ Ёшлар кенгашининг анжумани ҳам бўлиб ўтади. Унда Россия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон ёшларининг 30 вакили иштирок этади. Тадбир Ғафурий туманидаги “Красноусольск” санаториясида ўтказилади.

Тадбирда ёшлар ўртасида маданий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик муҳокама қилинади. Спорт, таълим-тарбия ва санъат соҳаларига алоҳида эътибор берилади. Шунингдек, премиялар ва рағбатлантирувчи дастурлар таъсис қилиш борасида гап кетади.