Таниқли ўзбек ёзувчиси Шукур Холмирзаев қаламига мансуб “От йили” қиссасининг шу пайтгача йўқолган деб ҳисоблаб келинган қисмлари топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Хуршид Даврон Фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Бундан уч ярим йил муқаддам берган интервьюсида Холмирзаев “Гулистон” журналида чоп этила бошланган қиссанинг охирги 25 варағи йўқолганини, бошқатдан ёзишга эса иккиланиб турганини маълум қилган эди.

Маълум бўлишича, деновлик Искандар Халилов қиссанинг тўлиқ нусхасини шу пайтгача асраб-авайлаб келган.
“Ёзувчининг ўзи йўқолган деб ўйлаган «От йили» қиссасининг тўлиқ нусхаси топилди. Ушбу асар нусхаси «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтига ёзувчининг она юрти — Сурхондарёдан, аниқроғи Деновдан етиб келди. Асарни шу пайтгача асраб-авайлаб юрган инсон — Искандар Халилов (Музаффарзода)га ва уни бизга етказишда катта кўмак берган Сирожиддин Иброҳимга раҳматлар айтамиз”, – деб ёзади Хуршид Даврон ўз хабарида.

“Яқин кунларда сайтимиз саҳифаларида қиссани бобма-боб эълон қилина бошлаймиз”, – қўшимча қилди адиб.