Тошкентда бир қизни фоҳишалик қилиш учун Туркияга олиб кетаётган аёллар қўлга олинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
Айтилишича, бешариқлик Дурдона Мирзаева иш топиш мақсадида дугонаси Мафтунага мурожаат қилган. У ўз навбатида Дурдонани “опахони” Жамила Раҳматова билан таништириб қўйган.

Раҳматова ёш қизни Туркияга олиб бориб, кийим-кечак дўконида ишлатишини ва яхши маош тўлашини айтган. Дурдона аяси Ширмонойни кўндириб, Жамила Раҳматова билан йўлга тушиб кетган.

Кўнгли хавотир бўлган Ширмоной Дурдонанинг дугонаси Мафтуна билан очиқчасига гаплашиб олганида, қиз Раҳматованинг қизларни чет элга олиб чиқиб сотишини тан олган. Ширмоной тезда тегишли ташкилотларга мурожаат қилган.
Натижада Жамила Раҳматова ва унинг шериги Гулзода Қодирова Дурдона Мирзаевани Қозоғистонга, ундан Қирғизистоннинг Бишкек аэропорти орқали Туркиянинг Истанбул шаҳрига жўнатиш учун олиб кетишаётганида Тошкентда қўлга олинган.