Хитойнинг энг йирик интернет компанияси бўлмиш Alibaba Group’нинг акциялари нархи охирги бир ой ичида 9 фоизга тушиб кетди. Компания капитализацияси 198.6 млрд долларни ташкил қилмоқда. China Daily газетасининг электрон версияси орқали хабар қилинишича, бу инвесторларнинг Хитой фонд бозоридаги ўзгарувчанликка жавоби натижасидир.
Июнь ойидан буён 30 фоизлик тушиш кузатилган индекслар асосан Хитойнинг материк қисмига тегишлидир. Эндиликда инвесторлар Хитой компанияларининг акцияларидан қутулишга ҳаракат қилаётгани айтилмоқда.
8 июль куни Alibaba акциялари Нью-Йорк фонд биржасида донасига 76.21 долларга баҳоланди. Бу компания тарихидаги энг паст нархлардир. Айни пайтда Хитой биржасида компания акцияларининг нархи 79.4 долларни ташкил қилмоқда.
Шу билан бирга, нашрда таъкидланишича, инвесторлар ва мутахассислар ХХР ҳукуматининг вазиятни ўнглаш борасида олиб бораётган чора-тадбирларини юқори баҳоламоқда.
“Умуман олганда, ҳукумат яхши ишларни амалга оширди деб ўйлайман, – деди Krane Shares компаниясида инвестициялар бўйича мутахассис бўлиб ишловчи Брендан Эхерн. – Улар томонидан қабул қилинган қисқа муддатли қадамлар ўзини оқлайди”.