BlackBerry компанияси йилнинг иккинчи қисмида Android операцион тизимида ишловчи бир нечта смартфон чиқармоқчи. DigiTimes портали соҳада фаолият юритувчи тайванлик манбаларга иқтибос келтирган ҳолда шундай маълумот бермоқда.

BlackBerry компанияси Android-қурилмалар бозорига чиқиши ҳақида июннинг ўрталарида маълум бўлган эди. Ўшанда Android дан фойдаланишни бошлаш қарори “BlackBerry нинг ўз эътиборини дастурий таъминот ва қурилмаларни бошқариш воситаларига қаратиш бўйича стратегисининг бир қисми” эканлиги маълум қилинганди.

DigiTimes нинг қайд этишича, Foxconn Electronics, Compal Electronics ва Wistron компаниялари BlackBerry нинг Android асосидаги смартфонларни ишлаб чиқаришида унга ҳамкорлик қиладилар. Android-смартфонларнинг дастурий платформасига компаниянинг дастурлари ва хизматлари киритилади.

Android-моделларнинг пайдо бўлиши BlackBerry қурилмаларига талабнинг ошишига туртки бериши мумкин. Ҳозирда компаниянинг мобиль қурилмалар бозоридаги ишлари унчалик ҳам яхши эмас. 30 майда ниҳояланган молиявий чоракда BlackBerry 1,1 млн дона смартфон сота олган, бу эса ўтган чоракка нисбатан 200 мингга камроқ смартфонни ташкил қилган. BlackBerry нинг уяли қурилмалар жаҳон бозоридаги улуши 1 фоиздан камроққа тушиб кетди, ваҳоланки бир неча йил аввал компания ушбу соҳадаги етакчилардан бири ҳисобланарди.