Британияда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ҳарбий самолёт ким ошди савдосида 4,7 млн долларга сотилди

Жаҳон 10 Июль 2015 7975

Буюк Британиянинг Даксфорд шаҳрида ташкил этилган аукционда Иккинчи жаҳон уруши даврига тегишли Spitfire русумли ҳарбий самолёт рекорд даражадаги 3,1 млн фунтга (4,7 млн доллар) сотилди. Бу ҳақда Christie's ким ошди савдолари уйи маълум қилган.

Ушбу самолёт нархи 2,5 млн фунт (3,84 млн доллар)га баҳоланаётган эди. Бундан олдин шу русумдаги тарихий самолёт аукционда бундан икки баробар арзонроқ нархга сотилганди.

Маълум қилинишича, самолётни америкалик коллекционер ва миллиардер Томас Каплан ҳамда унинг рафиқаси Дафна хоним харид қилган. Бу самолёт сотувидан тушган даромад Буюк Британия Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари фахрийларига ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган хайрия жамғармаси ҳисобига ўтказилади.

Жаноб Капланда шундай русумдаги тарихий самолётлардан яна бири мавжуд бўлиб, у бу самолётни Даксфорд шаҳрида Империя ҳарбий музейига топширди.

Маълумот учун, бу йили Буюк Британияда фашистлар Германияси ҳарбий самолётларига қарши 1940 йилда бошланган "Британия учун" номи остида ҳаво жанглари бошланганининг 75 йиллиги нишонланади. Империя ҳарбий музейига совға қилинган Mark 1 Vickers Supermarine Spitfire ҳарбий самолётида британиялик учувчи Питер Кейзнов жангларда қатнашган.

1940 йилнинг 24 май кунида Кейзнов ўз самолёти билан Франция шимолида ҳалокатга учраган ва фашистларга асирликка тушган. Унинг самолёти эса 1980 йилгача, токи қирғоқдаги қумлар очилиб қолмагунигача кўздан панада ётган.

Томас Каплан эса бу самолётни сотиб олиб, уни рестарвация қилдирган эди.

Кўпроқ янгиликлар