Давлат божхона қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманлари ягона режаси”га мувофиқ Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан “Божхона хизмати фахрийларини қадрлаш ва қўллаб-қувватлаш борасида Давлат божхона қўмитаси ва Божхона хизмати фахрийлар Уюшмаси томонидан амалга оширилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган мазкур тадбирда қўмита ва уюшма мутасадди раҳбарлари, божхона фахрийлари ҳамда бўлажак божхоначи кадрлар иштирок этишди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида мамлакатимизда, шу жумладан божхона органларида ҳам хайрли ишлар амалга оширилмоқда. 

Давлат божхона қўмитаси Пенсия таъминоти гуруҳи маълумотларига кўра, божхона тизимидаги пенсиянерлар сони 1800 нафардан ошади.

Жорий йилда эса 42 нафар божхона ходимлари ҳурмат ва эъзоз билан нафақага кузатилди. Шу муносабат билан уларга 146,4 млн. сўм миқдорида бирйўла тўловлар амалга оширилди.

Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона фахрийларига ҳамда хизмат вазифасини бажариш вақтида халок бўлган божхона ходимларининг оила аъзоларига мурувват кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмасига       57 млн. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Шунингдек, 144 нафар нафақадаги божхоначилар ҳамда хизмат вақтида халок бўлган божхона ходимларининг оилаларига доимий равишда моддий ёрдам кўрсатилиб, 34 нафар бемор ходимларнинг ҳолидан хабар олинди.

Мазкур йўналишдаги ишлар фақатгина божхона ходимларига қаратилмасдан, Давлат дастурида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, турли жамиятлар ва фондларга, кам таъминланган кекса фуқароларга ҳам йил бошидан буён 104 млн. сўм миқдоридаги хайрия ёрдамлари кўрсатилди.

Бу ишларни амалга оширишда Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари Уюшмаси билан яқиндан амалий ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бир гуруҳ фаол божхона фахрийлари ташаббуси билан таъсис этилган ва 2002 йилда Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган мазкур нодавлат нотижроат ташкилоти Давлат божхона қўмитаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни имзолаган.

Битим доирасида қўмита билан ҳамкорликда фахрийларнинг фаол ва мунтазам равишда мулоқотда бўлишлари ва уюшманинг жамоатчилик фаолиятида иштирок этишлари, уларнинг давлатимиз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги бой ҳаётий тажрибалари билан ёшларни таништириб бориш йўналишида режали ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Айни пайтда Уюшмага 1800 дан ортиқ божхона фахрийлари ҳамда боқувчисини йўқотганлар аъзодирлар. Президентимиз томонидан 2015 йилни Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилинганлиги барча қатори божхона фахрийларини ҳам беҳад қувонтирди.

Уюшма бошқаруви “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат Дастури ижросини таъминлаш юзасидан ўзининг чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишдаги Президентимиз маърузаси ва Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини божхона ходимларига етказиш, хусусан ёш божхоначиларга чуқурроқ ва кенгроқ тушунтириш мақсадида Уюшманинг бошқарув аъзолари, унинг жойлардаги бўлимлари мутасаддилари томонидан барча божхона бошқармалари, божхона комплекси ва постларида, ўқув муассасаларида 25 та тарбиявий, маънавий-маърифий учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил қилинди. Уларда тизимда хизмат қилаётган 740 дан ортиқ ходимлар, асосан ёш божхоначилар иштирок қилди.  Мазкур тадбирларда 260 дан ортиқ божхона фахрийлари фаол иштирок этиб, маъруза ва суҳбатлари билан қатнашдилар.

Уюшма томонидан божхона фахрийларини маънан қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2014 йилда “Ўзбекистон божхона фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилди ва уларнинг низомлари ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш, божхона тизимини ривожлантиришга ва соҳада эришилган ютуқларга қўшган муносиб ҳиссаси, ўз касбига саодоқати ва фидокорона меҳнати учун 30 нафар божхона фахрийлари ушбу кўкрак нишони билан тақдирланди ва улар тантанали равишда топширилди.

Бундан ташқари, Уюшма томонидан 36 нафар фахрийларнинг саломатликларини тиклашлари учун Ички ишлар вазирлиги госпиталлари, “Ўзбекистон” сиҳатгоҳида даволанишларида амалий кўмак кўрсатилди. 184 нафар бемор фахрийларнинг ҳолидан хабар олинди.

Фаол фахрийларнинг фарзандлари ва набираларига Янги йил байрами ва 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан бўлиб ўтадиган турли ўйингоҳлар ва истироҳат боғларига 130 дона чипталар тарқатилди.

Анъанага кўра, Янги йил байрами, Ватан ҳимоячилари куни, “Наврўз” айёми ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан жойларда божхона фахрийлари учун байрам дастурхонлари ташкил қилинди.

Божхона фахрийлари ва бўлажак божхоначилар ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш, ёш кадрларнинг профессионал мутахассис бўлиб етишишида божхона фахрийларининг тажрибасидан унумли фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Шу мақсадда, Уюшма томонидан Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институтида божхона тизими учун кадрлар тайёрлаш ишига кўмаклашиш, тингловчиларда танлаган касбига қизиқиш ва садоқатини ошириш, уларни миллий божхона тарихи ва анъаналари руҳида тарбиялаш, интизоми ва намунали хулқи, спортда юқори натижаларга эришиши йўлида ёрдам бериш, иқтидорли, аълочи тингловчиларни рағбатлантириш орқали институтда таълим жараёни самарадорлигини ошириш мақсадида “Намунали божхона тингловчисига” кўчма вимпелини таъсис этди.

Уюшма бошқаруви ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар фахрийларининг жамоат ташкилотлари билан ҳам ўзаро алоқалар ва тажриба алмашинувини йўлга қўйган бўлиб, улар томонидан ташкил этилаётган турли тадбирларда ҳам фаол қатнашиб келинмоқда.

Тадбирда журналистлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олишди.