Мисрлик машҳур актёр Омар Шариф 10 июлда 83 ёшида вафот этди. Бу ҳақда AlArabiya канали хабар бермоқда.

Омар Шариф 1932 йил 10 апрелда Мисрнинг Александрия шаҳрида дунёга келган. Туғилганда унинг исми Мишель Демитри Шальхуб бўлиб, насроний бўлган. Бироқ кейинроқ у актриса Фатен Хамамага уйланиш учун ўз динини ва исмини ўзгартирган.

Омар Шариф ўзининг актёрлик фаолиятини 1954 йилда Мисрнинг “Дўзаҳ осмони” фильмида суратга тушишдан бошлаган. Шарифнинг инглиз тилидаги илк иши “Арабистонлик Лоуренс” фильмидаги (1962 йил) Шариф Алининг роли бўлган. Актёр ушбу фильми учун иккинчи даражали энг яхши актёр йўналишида “Оскар” мукофотига номзоди қўйилган ва “Олтин глобус” мукофотини олган.

Омар Шариф шунингдек, “Доктор Живаго”, “Маккейн олтини” фильмларидаги роллари билан танилган.

Актёр умумий ҳисобда актёрлик фаолияти давомида 60 дан кўпроқ фильмда суратга тушган.

Шариф 2003 йилги Венеция кинофестивалида дунё кинематографига қўшган ҳиссаси учун “Олтин шер” мукофоти билан тақдирланган.

2015 йилнинг май ойида Шарифнинг Фатен Хамама билан турмушидан ягона фарзанди Тариқ Ал-Шариф актёрнинг Альцгеймер касаллигидан азият чекишини маълум қилган эди