Қозоғистонлик адвокат Михаил Кленчин яқинда Ақтан Суюншалин томонидан давлат мадҳиясининг рус тилига таржима қилиниши билан боғлиқ янгиликка ўз муносабатини билдириб ўтди.

Унинг фикрича, Қозоғистоннинг рус тилли фуқароларининг миллий мадҳияга бўлган меҳрини оширишга ҳаракат қилган москвалик таржимон ўзи билмаган ҳолда қонунга хилоф ишга қўл урган. Бу ҳақда адвокат Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
“Гап шундаки, давлат мадҳияси, Қозоғистон Республикасининг “Давлат рамзлари тўғрисида”ги конституцион қонунига муфофиқ, давлат рамзи ҳисобланади. Унинг мусиқий таҳрири ва матни юқорида тилга олинган қонуннинг 3-иловаси билан тасдиқланган. Шу боис расмий қўлланилганда у тасдиқланган матн ва мусиқий таҳрирга биноан фақатгина давлат тилида ижро қилинади”, – эслатиб ўтди Кленчин.

У рус тилига таржима қилиниши натижасида яратилган мусиқий асар давлат мадҳияси ҳисобланмаслигини қўшимча қилиб ўтди.