Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар БМТнинг 2016 йилги гиёҳвандлик муаммоси бўйича умумий позициядан туриб муносабат билдиради. Бу ҳақда давлат раҳбарларининг наркотаҳдид муаммоси бўйича баёнотида маълумот берилди.

“Аъзо давлатлар комплекс ёндашув, давлатларнинг халқаро гиёҳвандлик муаммоларини ҳал қилишдаги умумий ва қўшма масъулияти асосида кучларини бирлаштириш, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилишини глобал миқёсда йўқ қилиш мақсадида конкрет чоралар ишлаб чиқиш муҳим деб ҳисоблайди”, – дейилади ҳужжатда.

Шунингдек, давлатлар раҳбарлари Афғонистонда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ҳажмининг юқорилигини, бу Афғонистон ва бошқа давлатлар тараққиёти ва хавфсизлигига жиддий хатар келтиришидан хавотирда эканликларини билдириб ўтишди.
“Шу туфайли улар наркотаҳдидга қарши ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама форматларда ҳамкорлик қилишга, халқаро жамоатчилик ҳаракатларини бирлаштириш ва бу муаммони ҳал қилиш йўлида ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга тайёр”, – таъкидланди баёнотда.