Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Ҳиндистон ва Покистоннинг қўшилиши борасидаги режалар Ғарб давлатларини ташвишга солмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг Newsweek газетасининг онлайн версиясида чоп этилган “Янги шарқий блок: Хитой, Россия ва Ҳиндистон кучларини бирлаштирмоқда” номли мақолада айтилмоқда.
ШҲТни кенгайтиришга бўлган ҳаракатни изоҳлар экан, муаллиф шундай деб ёзади: “Бу Ғарбга деярли маълум бўлмаган халқаро ташкилотдир. Яқинда унинг таркибида дунё аҳолисининг ярмини қамраб олувчи давлатлар бўлади. Агар буни қўллаб-қувватловчилар, биринчи навбатда Россиянинг умидлари оқланса, ШҲТнинг Уфа саммитидан сўнг бу бирлашма Ғарб томонидан ўзига кўпроқ эътибор талаб қила бошлайди”.
Таҳлилчининг фикрича, Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ таркибига қўшилиши ташкилотнинг жанубий Осиёдаги таъсирини ўстириб, унинг Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг Ғарб бошқаруви остида етакчи роль ўйнаб келган халқаро институтларга қарши туриш мақсадини кўрсатиб беради.