Маҳаллий матбуотда ёзилишича, яқинда Сурияда Қозоғистон ва Тожикистондан келиб ИШИД таркибига қўшилган бир гуруҳ жангарилар ўлдирилгани маълум бўлди.
Уральсклик Талғат Туреевнинг ўлдирилгани ҳақидаги хабар унинг онасига шу йилнинг май ойида етиб келди. Туреев Сурияга 2013 йили кетиб қолган бўлиб, ўзи билан рафиқаси ва қизини ҳам олиб кетган эди. Онасининг айтишича, 2009 йили профессионал футболчи бўлиш орзулари амалга ошмагач, Туреев шундай қарорга келган.
Кўлоблик Нусрат Назаров эса бир ҳафта муқаддам ўлдирилди. Унинг укаси Хайрулло жасаднинг суратидан акасини таниди. Бу борада жангариларнинг ўзи ҳам видеомурожаат эълон қилишди. Назаров ҳам ИШИД таркибида икки йил жанг қилган.