Уфада ШҲТ саммити доирасида Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Покистон бош вазири Навоз Шариф ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани Аҳмадзай билан икки томонлама учрашувлар ўтказади. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Уфада 8-10 июль кунлари ШҲТ ва БРИКС саммитлари ўтказилади. Жорий йилда ҳар икки ташкилотга Россия раислик қилмоқда.
Айни пайтда ШҲТ таркибига Россия, Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради. Мўғулистон, Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Афғонистон кузатувчи мақомига эга. 2014 йил сентябрида Ҳиндистон ва Покистон ШҲТга аъзо бўлишга расмий талабнома билан чиқишди. Шри-Ланка ва Арманистон кузатувчиликка мурожаатнома билан чиқишди.
Илгарироқ Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков саммит давомида 14та қўшма қарор қабул қилинишини маълум қилган эди. Саммит якунларига кўра Уфа декларацияси қабул қилинади.
Владимир Путиннинг Ислом Каримов билан учрашуви доирасида кенг миқёсдаги масалалар кўриб чиқилади. Асосан савдо ва иқтисодиёт ҳамда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади. Шунингдек, минтақавий хавфсизлик ҳамда бошқа долзарб халқаро ва минтақавий масалалар борасида фикр алмашилади.
Жорий йилнинг 14 ноябрида икки давлат ўртасидаги иттифоқ шартномаси имзоланганига 10 йил тўлади. Ўтган йили стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланганига ўн йил бўлган эди. Ўзбекистон ва Россиянинг сиёсий диалоги мунтазам характерга эга. 2014 йил сентябрида икки давлат раҳбари ШҲТнинг Душанбек саммити доирасида суҳбат ўтказган эди. Ўша йилнинг декабрида эса Путин Ўзбекистонга расмий сафар уюштирди.
Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, учрашув кун тартибидаги асосий масала энергетика бўйича кооперация бўлади.
“ЛУКОйл” ва “Ўзбекнефтгаз” томонидан Қандим-Ҳавзак-Шоди-Қўнғирот газ-конденсат конларининг ўзлаштирилиши доирасида 2004-2014 йилларда “ЛУКОйл” инвестицияларининг умумий ҳажми 3 млрд долларни ташкил қилди. Истиқболда амалдаги лойиҳалар реализациясига 15 млрд доллар тикиш кўзланмоқда.
Беш йил давомида Устюрт платосидаги геологик разведка дастурига “Газпром” 390 млн доллар пул ажратди. Россия компанияси томонидан эксплуатация қилинаётган Шоҳпахти конидан 2004 йилдан буён олинган газ ҳажми 2.5 млрд кубометрни ташкил қилди.
2012 йили имзоланган 56.5 млн долларлик шартномага биноан “Силовие машини” МЧЖ Чорвоқ СЭС модернизацияси билан шуғулланиб келмоқда.
Россия айни пайтда Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкоридир, бу борада унинг улуши 27 фоизни ташкил қилади. Ўзбекистон, ўз навбатида, Россиянинг МДҲ ҳудудидаги асосий иқтисодий шерикларидан бири бўлиб, Беларусь, Қозоғистон ва Украинадан кейинги ўринни эгаллайди. Ўтган йили товар айланмасининг умумий ҳажми 4 млрд долларни ташкил қилди. Аммо жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида ўзаро савдо ҳажми 29 фоизга тушиб кетди.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган 900га яқин компания Россия капиталига эга. Россияда эса 489 қўшма корхона ва фирмалар ташкил қилинган. Ўзбекистондаги энг йирик инвесторлар қаторига “ЛУКОйл”, “Вимпелком”, “Евроцемент Групп” ва “Газпром” киради.