Япония, Ҳиндистон ва Хитой режиссёрлари Бухорода 9 июлда бошланган “Театр йиғилишлари” лойиҳаси доирасида ўзбекистонлик ҳамкасбларига мастер-класслар ўтказадилар, деб хабар берди журналистларга лойиҳа координатори, режиссёр Авлиёқули Хўжақули.

Тадбир “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ва Бухоро вилояти маданият ва спорт ишлари бўйича бошқармаси томонидан ташкил этилди.

“Охирги йилларда Ўзбекистоннинг кўпчилик вилоят театрлари давлат кўмагини олди, театр бинолари таъмирланди, ички жиҳозлар янгиланди. Бу театр жамоаларини янги ижодий ишларга илҳомлантирди. Бироқ вақт уларнинг малакасини оширишни талаб қилмоқда”, дейди Хўжақули.

Унинг айтишича, Япония, Ҳиндистон ва Хитойдан таклиф этилган актёр ва режиссёрлар Бухоро вилояти давлат драматик театри саҳнасида маърузалар ва мастер-класслар ўтказадилар.

Бир ой давомида таклиф этилган театр санъати саҳна усталари ўзбекистонлик театр режиссёрлари билан актёрлик маҳорати, саҳна нутқи, вокал, режиссура, сценография, хореографиянинг нозик жиҳатлари билан бўлишадилар. Мастер-класслар якуни сифатида Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асари бўйича меҳмонлар ва мезбонлар иштирокида театрлаштирилган томоша қўйилади.