Туркиянинг "Фенербахче" жамоаси "Манчестер Юнайтед" билан голландиялик ҳужумчи Робин ван Персининг трансфери борасида келишувга эришди. Бу ҳақда турклар жамоаси президенти Азиз Йилдирим маълум қилган.

"Биз бу борада қаттиқ ишладик. Англияга 6 марта таклиф жўнатдик. Ниҳоят Робин ван Персининг трансфери бўйича жараён якунланди. Жамоамиз яна бир юлдузли футболчи билан тўлдирилди", деб баёнот берди Йилдирим.

ОАВларда хабар қилинишича, ушбу трансфер қиймати 4,7 млн долларни ташкил этади.

Футболчи 13 июль куни жамоа билан шахсий шартнома тузиши ва расман “Фенербахче” футболчиси сифатида таништирилиши айтилган.

Маълумот учун, Робин ван Перси 2012 йилда "Арсенал"дан "МЮ" сафига 22,5 млн евро эвазига трансфер қилинган. У манкунианлар сафида 89 марта АПЛ ўйинларида иштирок этиб, 58та гол уришга эришган ҳамда бу жамоа билан Англия чемпионлиги ва Суперкубокни қўлга киритган.

Қайд этиш жоизки, "Фенербахче" бироз олдинроқ, "МЮ"нинг яна бир футболчиси Нанини ўз сафига қўшиб олганди.