Италия Ташқи ишлар вазири Паоло Жентилони 11 июль куни Қоҳира шаҳридаги Италия консулхонаси олдида рўй берган портлашни Италияга қарши ҳужум дея баҳолади.

Бироз олдинроқ, итальян консулхонаси олдида автомобилга ўрнатилган бомба ҳаракатга келтирилиши оқибатида консулхона ходимлари жабрлангани ҳақида хабар берилганди.

Охирги маълумотларга кўра, ушбу теракт оқибатида бир нафар мисрлик полициячи ҳалок бўлган ва ўнлаб кишилар жароҳатланган ҳолда шифохонага олиб борилган.

Ҳозирча бу теракт учун жавобгарликни ҳеч қайси гуруҳ ўз зиммасига олмади.

"Бу теракт Италияга қарши ҳужум бўлгани борасида ҳеч қандай шубҳам йўқ. Улар терроризмга қарши курашаётган Италияни қўрқитиб қўйишмоқчи, огоҳлантирмоқчи бўлишди", дейди вазир Рим шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида.

У бахтли тасодиф туфайли бу ҳодиса вақтида Италия фуқаролари жабрланмай қолганини қўшимча қилиб ўтган.

"Италия бу таҳдиддан қўрқмайди ва "ИШИД"га қарши ҳаракатларини давом эттиради. Италия, мусулон мамлакатларини, хусусан Мисрни жангариларга қарши курашишга чақиради", дейди Жентилони.

Бироз олдинроқ, Италия бош вазири Маттео Ринци Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси билан телефон орқали мулоқот қилиб, терроризмга қарши курашишда ўз давлатининг ҳамкорлигини таклиф қилганди.