Орамизда кўпчилик машҳур инсонларнинг ҳаётига, уларнинг танилиш сирлари ва бу йўлдаги босиб ўтилган қадамларини билишга ҳамиша қизиқади. Аммо улар ҳам худди биз каби оддий инсон эканлигини баъзан ёдимиздан чиқариб қўямиз. Керак бўлса, машҳурларнинг кўпчилиги оддий инсонларга зарур вақтларда ёрдам қўлини чўзиб, уларга имкониятлари даражасида ёрдам берганликларига ҳам гувоҳ бўламиз. Бугун xabardor.uz сайти сизга ана шундай меҳрибон машҳурлар билан юз берган энг яхши воқеалар ўнталигини тақдим этади.

Стив Бушеми

Голливудда ўзининг актёрлик фаолиятини бошлаб, машҳурликка эришишидан олдин Стив Бушеми Нью-Йорк шаҳрида бир неча йиллар ўт ўчирувчи бўлиб ишлаган. 11 сентябрь воқеаларидан кейин Бушеми ўт ўчирувчилар Департаментига қайтиб, террористик воқеалар юз берган бинода кунига 12 соатлаб, ўт ўчирувчилар билан бирга тенгма-тенг қидирув ишларида, савдо маркази биносининг қолдиқларини тахлашда ишчиларга ёрдам берган. Ўша пайтда у ўзининг бу ишини реклама қилишни истамаган ва  ҳатто журналистларга интервью ҳам бермаган. 

Колин Фаррелл

"Рекрут" фильмини суратга олиш жараёнлари кетаётган бир пайтда Торонтода радиожурналистлардан бири радио эфирда кимда-ким радио бўлимига актёр Колин Фарреллни олиб келса, унга мукофот сифатида 1000 доллар беришини эълон қилади. Бу воқеа актёр Колиннинг жаҳли чиқаради ва унинг шаҳсий ҳаёти ўйин қилинаётгандан ранжийди. Шунда Колин Торонта шаҳрида истиқомат қилувчи Дейв исмли уйсиз бир одамни топиб, ўзини радиостанцияга олиб боришга келишади. Шу баҳонада Дейв 1000 долларлик мукофотни қўлга киритади ва бу пул эвазига ўзининг ҳаётини тиклаб олади. Дейв ҳалигача актёр Колин Фарреллдан миннатдор… 

Зак Галифианакис

Зак Галифианакис Голливудда актёр сифатида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган. Актёр Санта-Моникадаги FOX кир ювиш фабрикасига тез-тез бориб туради. Зак кирхонада одамлардан тушган чой-чақа эвазига ҳаёт кечирадиган 87 ёшли Элизабет Хайст билан айнан шу ерда танишган. Актёрнинг "Куёвжўралар Вегасда" фильми унга катта омад келтиргандан сўнг, кирхонага бормай қўйганди. Аммо Элизабетнинг уйсиз, қаровсиз қолганини эшитгач, унга ёрдам беришни истади. Актёр Элизабет учун уй сотиб олди ва ҳалигача унинг тўловларини ўзи тўлайди. Бундан ташқари Зак   Галифианакис Элизабетни "Куёвжўралар 2: Вегасдан Бангкокка", "Ҳалол сайловдаги ғирром кампания" ва "Куёвжўралар: III қисм" фильмлари  премьерасига ҳам олиб борган. 

Том Круз

1996 йилда Том Круз автомашиналардан бири бир қизни уриб юборганига ва ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетганига гувоҳ бўлиб қолади. Актёр "тез ёрдам"га қўнғироқ қилиб, шифокорлар етиб келгунга қадар, қизнинг олдида қолади ва шифокорлар билан бирга шифохонага боради. Қизнинг суғурта тўлови йўқлигини билгач, актёр шифохона харажатларини, яъни 7000 долларни ўзи тўлайди. Шундай сўнг Том Круз, шифохонада қизнинг аҳволидан бир неча маротаба ҳабар олади.   

Киану Ривз

Актёр Киану Ривз "Матрица" фильмининг иккинчи ва учинчи бўлимларидан тушган фойданинг ўзига тегишли бўлган қисмини фильм либосларини ва махсус эффектларини яратган меҳнаткашларга бўлиб беради. Актёр ушбу ижодкорларнинг меҳнати ушбу мукофотга муносиб эканлигини таъкидлаган. Маълумотларга кўра тақдим этилган пул мукофоти 75 миллион долларни ташкил этган. 

Мэрилин Мэнсон

Мэрилин Мэнсон "Зулмат қироли", дея таърифланган бўлса-да, бастакор аслида бағрикенг ва жуда меҳрибон инсон. У саратон касалига чалинган, уйида даволанаётган бемор болага совғалар, эсталик учун бир неча буюмларни совға қилади ва у билан бир неча соат суҳбат қуради, гитара чалиб, видеоўйинлар ўйнайди, китоблар ўқийди. Бемор бола бастакорнинг ташрифидан 3 ҳафта ўтгач, вафот этади. Ҳаётининг сўнгги дақиқаларида боланинг эгнида Мэрилин Мэнсоннинг футболкаси бўлган.  

Брэдли Купер

Филадельфияда "Менинг йигитим – телба" фильмининг суратга олиш жараёнларида актёр Брэдли Купер 100 га яқин қишки кийимларни сотиб олиб, кам таъминланган ва қаровсиз қолган инсонларга шахсан ўзи тарқатган. Ана шундай инсонлардан бирига ҳаттоки у эгнидаги пальтосини ҳам ҳадя қилган.      

Metallica гуруҳи аъзолари

2009 йилда 85 ёшли Маргарет исмли аёл саратон касаллигига чалинган эди. Бемор аёл оғир ҳасталикни енгиши учун Metallica гуруҳининг қўшиқлари унга далда бўлганини таъкидлайди. Гуруҳ аъзолари мухлиса аёлни ўз концертига таклиф этишди ва шоу бошлангунга қадар у билан суҳбатлашишди. Гуруҳнинг ҳар бир аъзоси Маргаретга алоҳида ғамхўрлик кўрсатар эди. Ҳаттоки, концерт якунида шоунинг якка ижрочиси Жеймс Хетфилд Маргарет учун "Nothing Else Matters" қўшиғини ижро этди. 

Криштиану Роналду

2014 йил март ойида бир оила машҳур футболчи Криштиану Роналдуга хат ёзади. Мактубда улар футболчидан унинг дастхати туширилган бир неча майка ва кроссовка беришини илтимос қилишади. Мактуб эгалари ушбу нарсаларни ким ошди савдосида сотиб, пулини 10 ойлик фарзандининг операцияси учун сарфлаши керак эди. Гўдакнинг яшаши учун операция жуда зарур ва шифохона ҳаражатлари 66 минг евро маблағни талаб этарди. Роналду мактуб эгаларига улар илтимос қилгандек дастхати туширилган майка ва кроссовкалар билан бирга 83 минг евро миқдордаги пул чекини ҳам юборди.

Жоан Роулинг

Гарри Поттер фильмидаги Натали Макдоналд қаҳрамонининг исми китоб муаллифи Жоан Роулинг томонидан кино муҳлиснинг асл исми шарафига қўйилган. Натали исмли бир қиз оққон касаллиги билан ҳасталанган эди ва "Гарри Поттер ва оловли кубок" китоби чоп этилгунга қадар тирик қоламанми, йўқми, Гарри билан қандай саргузаштлар юз беришини билмай қоламан деб, муаллиф Жоан Роулингга хат ёзади. Натали ундан қаҳрамон билан боғлиқ келгуси саргузаштларни китоби босмадан чиққунга қадар унга сўзлаб беришини илтимос қилади. Жоан жуда меҳрибон аёл, у қизнинг илтимосини бажариш учун унга жавоб хатини ёзади, аммо бахтга қарши Натали Гарри Поттер билан юз берадиган келгуси воқеаларни билолмай вафот этади. Ёзувчи китобидаги қаҳрамонлардан бирига Натали исмини беради ва қизнинг ота-онасига дастхати туширилган китобни совға қилади. 

Манба: Xabardor.uz интернет нашри