Макка шаҳри ҳокими Холид ал-Файсал бошчилигида Марказий ҳаж қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 1436 ҳижрий йилининг Рамазон мавсуми умра зиёрати иш жараёни бориши муҳокама қилинди.

Қўмита Бош котиби Салаҳ Сакрнинг маълум қилишича, жорий йил Рамазон ойининг дастлабки 16 кунида Макка шаҳрига 14 000 000 нафар зиёратчи умра ибодатини адо этгани келди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга кўпдир ва бу ўзига хос рекорд натижадир. Шунингдек, Рамазон мавсуми давомида 650 000 транспорт воситалари зиёратчиларга хизмат кўрсатаётгани ва 30 кун мобайнида 25 000 000 кишига хизмат кўрсатиш имконияти борлиги алоҳида таъкидланди.

Саудия Арабистони  Ҳаж вазирилиги  маълумотига кўра,  Рамазон ойининг қолган қисмида яна 5 000 000 нафар зиёратчи келиши кутилмоқда. Уларнинг 3 700 000 нафари Жидда шаҳридаги қирол Абдулазиз халқаро аэропортидан, 1 300 000 нафари Мадинадаги шаҳзода Муҳаммад бин Абдулазиз аэропортида кутиб олинади. Шунингдек, Жидда ва Янбу денгиз портларидан ҳам зиёратчилар ташрифи режалаштирилган.

Йиғилишда зиёратчиларга 34  тилда умра ибодатларини адо этишда ёрдам берувчи мобил телефонлар учун тақдим этилган смарт илова ҳам муҳокама этилди.