Бугун, 11 июлда Германиянинг Магдебург шаҳрида ўта оғир вазн тоифасида WBA талқини бўйича “мунтазам” чемпион, ўзбекистонлик Руслан Чагаев ва бу унвонга даъвогар қилаётган италиялик Франческо Пьянета ўртасида жанг бўлиб ўтади.

Бу жанг ғолиби WBA нинг суперчемпиони – украиналик Владимир Кличконинг потенциал рақибига айланади.

36 ёшли Чагаев WBA вакант унвонини Грознийда АҚШлик Фрес Окендо устидан ғалаба қозониб қўлга киритди.

Чагаев аввал WBA талқини бўйича жаҳон чемпиони бўлган эди –2007 йилда Чагаев WBA чемпиони камарини россиялик Николай Валуевдан тортиб олган. Чагаев 2009 йилда икки марта Валуев билан жанг қилишдан бош тортгани учун чемпионлик унвонидан маҳрум этилган. Оқибатда чемпионлик унвони вакант деб эълон қилинган эди.

Шу билан бирга Чагаев 2009 йилда ўшапайтда WBO ва IBF талқинлари бўйича чемпион бўлган Владимир Кличко билан жанг ўтказган. Чагаев жангнинг 9-раундидан кейин жангни давом эттиришдан бош тортган.

Франческо Пьянета ҳам Кличко билан ҳам жанг ўтказган. 2013 йилда италиялик боксчи украиналикка қарши жангда 6 раунд дош бера олган ва техник нокаут билан жангни бой берган.

30 ёшли Пьянета ўзининг аввалги жангини 2014 йилда хорватиялик боксчи Ивица Бачуринга қарши ўтказган ва ҳакамларнинг бир овозли қарори билан WBO талқини бўйича Европа чемпиони унвонини қўлга киритди.

Жангдан аввал ўтказилган вазн ўлчашда Чагаев 111,6 кг, Пьянета эса 110 кг вазнга эгалиги маълум бўлди.

Жанг “Россия 2” канали орқали Тошкент вақти билан 01:00 дан бошлаб олиб берилади.