Сербия бош вазири Александар Вучич Сребреница шаҳрида бу ерда юз берган оммавий қотилликларнинг 20 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этаётганда тошбўрон қилинди, деб хабар бермоқдалар маҳаллий ОАВлар.

Намойишчилар Вучичга тош ва шиша идишлар улоқтиришди. Улоқтирилган тошлардан бири бош вазирнинг бошига тегиб, кўзойнагини синдирди.

Нохуш воқеа Вучич Сребреницадаги оммавий қотилликлар қурбонлари ёдгорлигига гулчамбар қўяётганда юз берди.

Полиция ҳужум қилганларни қўлга олди, серб делегацияси эвакуация қилинди.

1995 йил 11 июлда Серб Республикаси қўшинлари Нидерландия тинчликпарвар кучларининг бепарволигидан фойдаланиб, босниялик мусулмонлар жойлашган анклав (бирор давлатнинг бошқа давлатлар билан тўлиқ ўраб олинган қисми) Сребреницани босиб олишди. Шундан кейин бу ердаги боснияликлар сербиялик қўшинлар томонидан этник қирғинлар ва депортацияларга учрадилар. 2007 йилда бу хунрезликлар БМТ томонидан геноцид деб топилди.