Муборак Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган “Тўхтабой” жоме масжидининг янги веб-сайти ишга тушди, деб хабар берди Ўзбекистон мусулмонлар  идорасининг расмий веб портали. Мазкур сайт www.ummat.uz номи билан номланди. Сайтнинг асосий мақсади юртимиздаги мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш, аҳли сунна вал жамоа мазҳаби таълимотини тарғиб қилиш, ақидавий масалалар, мусаффо Ислом динининг асл моҳиятини баён қилиш, Қуръону-суннатни ўрганиб амал қилиш, ихтилоф ва тафриқанинг олдини олиш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш каби эзгу мақсадларни ўз олдига вазифа қилиб қўйган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир” (Оли Имрон сураси, 104-оят).
Азиз юртдошлар! “Тўхтабой” жоме масжидининг янги “ummat.uz” веб сайти ҳам юртимиздаги эзгуликларни тарғиб қиладиган веб-саҳифалардан бири бўлиб қолишини Яратгандан сўраб қоламиз.