11 июль куни Бутунжаҳон Ер аҳолиси куни нишонланади. 10 июлда Тошкентдаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бу санага бағишланган катта тадбир ўтказилди. Байрам дастурига турли спорт мусобақалари, шашка бўйича мусобақа ва асфальт устидаги болалар расмлари танлови киритилди.

1,5 км.лик масофага югуриш мусобақасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 100дан ортиқ маҳалла маслаҳатчилари иштирок этишди. Айнан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси БМТ Ер аҳолиси фонди (UNFPA) билан биргаликда ушбу тадбирни ташкил этди.

Тошкентдаги “Мурруват” уйлари тарбияланувчилари асфальтда қуёш, уйчалар, гуллар ва дарахтлар расмларини чизишди. Шунингдек, улар шашка мусобақасида ҳам ўз билимларини намойиш этишди.

Бутунжаҳон Ер аҳолиси куни 1987 йилдан бери нишонланиб келинади. Айнан шу йили жаҳон ҳамжамияти Ернинг 5-миллиардинчи вакилининг расмий туғилишини нишонлаган эди.

Бу йилги байрам тўқнашувлар ва гуманитар фалокатлар пайтида аёллар ва ёшларнинг ўзига хос эҳтиёжларини таъкидлаш учун “Фавқулодда вазиятларда аҳолининг ҳимоясиз гуруҳлари” мавзусида бўлиб ўтди.

“Ҳаттоки одатий шароитларда ҳам туғруқ ёшидаги аёллар орасида репродуктив саломатликдаги салбий оқибатлар улар орасидаги ўлим ва касалликларнинг асосий сабаби ҳисобланади. Гуманитар фалокатлар пайтида азият чеккан аҳолидан тахминан 5 аёлдан бири ҳомиладор бўлади. Бундай пайтларда малакали акушерлик ёрдами кўрсатишнинг кўпинча имкони бўлмайди, аёл-қизлар ўртасида ўлим ва салбий оқибатлар эҳтимоли ошади”, деб айтди БМТ Ер аҳолиси фондининг Ўзбекистондаги вакили Карл Кулесса.

Ушбу сана муносабати билан анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган тадбирлар борган сари кўпроқ одамларни ўзига жалб этмоқда. Ўтган йилга нисбатан бу йилги тадбирда икки марта кўпроқ одам иштирок этгани бундан дарак беради. Тадбир ижодий жамоаларнинг байрам концерти билан бошланди. Сўнгра маҳалла аёл маслаҳатчиларининг югуриш мусобақасига старт берилди.

Тадбирнинг ёш иштирокчилари ҳам ўз бадиий қобилиятларини намоён қилишди. Боғдаги катта чинор сояси остида шашка бўйича мусобақа бўлиб ўтди.

Мусобақа ва танловлар ғолиблари ва фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.