Собиқ архиепископ ва Рим папасининг Доминикан Республикасидаги собиқ вакили Йозеф Веселовски 11 июль куни баччабозлик билан шуғуллангани учун суд қилинади. Бу ҳақда Рейтер хабар бермоқда.

66 ёшли польшалик руҳоний Веселовски 2013 йилда Доминикандан чақириб олинганди. Маҳаллий ОАВларда у болаларга жинсий тажоввузкорлик билан муносабатда бўлганликда айблаб чиқилганди.

Рим папаси Франциск 2014 йилнинг сентябирда уни ҳибсга олиш учун кўрсатма берган. Бу Ватиканда илк марта педофилизм учун ҳибсга олиш бўлганди.

Веселовскининг уйидаги компьютердан болалар порнографияси бўйича фильмлар топилган.
Агар унга қўйилган айблар исботланса, у 8 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Рим папаси одамларнинг католик черковига ишончини қайтариш учун ҳаракат олиб бормоқда. У 2013 йилда шу борада папаликнинг барча ходимлари учун амал қиладиган кодекс қабул қилган. 2014 йилнинг апрелида папа болаларга зўравонлик ишлатган руҳонийларни "шайтоннинг хизматкорлари" деб эълон қилган.

2015 йилнинг февралидаги чиқишида ҳам папа Франциск руҳонийларни болаларни зўрлашни бас қилишга чақирган. Шу йилнинг июнь ойида у шундай жиноятлар билан шуғулланадиган суд ташкил этган.

Бироз олдинроқ, Рим папаси АҚШда педофил-руҳоний Кертис Вехмйаердан болаларни ҳимоя қила олмагани учун архиепископ Жон Найнштадтнинг истеъфосини қабул қилганди.