"Бунёдкор” клуби академиясининг 2002 йилда таваллуд топган футболчилардан иборат жамоаси ҳужумчиси Бўронбек Мирзасалимов Тошкентдан Лондонга учиб кетди.

У шу яқин вақт ичида Лондоннинг “Арсенал” клуби ёшлар жамоасида малака ошириш трейнингларида қатнашади. Тошкент шаҳар болалар-ўсмирлар биринчилиги ёзги таътилга чиққанлиги муносабати билан юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиб, ёш футболчи Европага йўл олган.

Айтиб ўтиш жоизки, “Арсенал” академиясига таклиф олиш футболчи олдига қўйилган маълум шартларнинг талаб даражасида бажарилганидан сўнг амалга ошди. Биринчидан, футболчи Тошкент шаҳар болалар-ўсмирлар биринчилигида ўз тенгқурлари орасида яққол ажралиб туради ва етакчи тўпурарлардан ҳисобланади. Бундан ташқари, у таклиф қилаётган тарафга инглиз тилида бемалол гаплаша олишини ҳам амалда исботлаши керак эди.

Бўронбек Лондонга етиб боргач, инглиз тили бўйича имтиҳонни барчадан аъло даражада топширди. У 120та саволдан 120тасига аниқ жавоб берган ва шу йўналишдаги махсус сертификатга эга бўлган.

Энди Мирзасалимовни Лондон атрофидаги Чартерхаус районида жойлашган “Арсенал” академиясидаги қизиқарли ва келажак учун фойдали машғулотлар ҳамда назорат учрашувлари кутиб турибди.